Кириш

Бу блог нима ҳақидалиги, нима мақсадда ёзилгани ва кимлар учун эканлигини тўғрисида.

Дастлабки чоп санаси: 2023 йил 20 Январ

Ўткир Ҳошимовнинг Дафтар ҳошиясидаги битиклар китоби севимли китобларимдан бири. Унда кундалик ҳаётда учраб турадиган ҳолатлар тасвирланади. Ёзувчи ҳолатга ўз фикрини бериб, ўша ҳолат ўқувчида юз берганда қандай йўл тутиш кераклик кўникмаси ҳосил қилади.

Дафтар ҳошиясидаги битиклар кенг қамровли, ҳаётнинг талайгина мавзуларини ўз ичига олади. PhDга топширишдан олдин PhD ҳаёти, пасту-баланди ҳақида қизиқиб шу мавзуни ёритадиган адабиётлар ўқирдим. PhD ўқиш давримда эса PhD талабанинг кундалик ҳаётида учраб турадиган ҳолатларни ёритиб, шундай ҳолатларда йўриқнома сифатида қўл келадиган адабиётларни ўқидим.

Ғарбда бундай адабиётлар талайгина. Ўқиганларим ичида севимли учталигим: Ричард Ҳаммингнинг You and Your Research (мазмуний таржима: Сиз ва сизнинг илмий изланишингиз; Youtubeда), Филип Гунинг The PhD Grind (мазмуний таржима: PhD тегирмони) ва Андрей Карпатининг A Survival Guide to a PhD (мазмуний таржима: PhDда жон сақлаш). Бу каби адабиётлар PhD ҳаётини яхши ёритган бўлсада, ўзбек тилида блог ёзишга икки сабаб туртки бўлди: 1) инглиз тилида мавжуд материалларни ўзбек аудиториясига ҳам етказиш, 2) Ўзбекистон мактабида таълим олган ва ўзбек маданиятида улғайган кишиларга хос қирраларга ҳам урғу бериш. Натижада ўзим “PhD дафтари ҳошиясидаги битиклар”ни ёзишга қарор қилдим.

Битик деганда узоқ тарихда ёзиб қолдирилган адабиётлар, масалан тошдаги битиклар, назарда тутилгани учун мен замонавий “пост” атамасини ишлатаман. Бу китоб блог кўринишида ёзилганлиги ва ҳар бир мавзу блог пост кўринишида чоп қилинганлиги учун пост атамаси мақсадга мувофиқ. Постларда шахсий тажрибамдан келиб чиқиб PhD ҳаёти ва умуман илм-фанга доир фикрларимни ёзаман. Ҳар бир пост маълум бир мавзуга бағишланган, иншо шаклида бўлади.

Китоб сарлавҳаси PhD деб бошланига ва постларда PhDга урғу берилишига қарамасдан, ёритилган мавзулар фақатгина PhD талабалари учун эмас. Ғарбда магистр ва докторлик (PhD) даражасини берадиган таълим босқичини бирлаштириб “graduate school” дейишади. Бунинг мазмуний таржимасига “илмий изланиш мактаби” мос келади. Қисқача қилиб “PhD мактаби” дейман. Китоб асосан шу мактаб талабаларга бағишланган бўлсада, унинг каттагина қисми бакалавр талабалари ҳаётини ҳам қамраб олади. Баъзи қисмлари мактаб ёшидаги ва кундалик фаолияти илм-фандан йироқ кишиларга ҳам амал келса ажаб эмас.

PhD мактаби маҳсулини ва умуман олганда PhDда илмий изланиш деганда нима назарда тутилишини ойдинлаштириш учун биринчи пост шу ҳақида бўлади.

• • •

Бу китоб шахсий фойдаланиш учун текин. Бошқа мақсадда фойдаланишдан аввал ҳуқуқлар билан танишинг. Кейинги постлар ҳақида хабар олиш учун Телеграм каналга қўшилинг.