2005 йилдаги воқеядан бошлайман. Тошкентда бакалавр ўқишимнинг иккинчи йили эди. ТАТУда олий математика фани ўқитувчим, Мирзаев Анвар билан Фурье қаторлари мавсусида илмий мақола ёзишга қарор қилдик. Мақолани ўзбек тилида ёзишни бошладим. Мақола математика соҳасида бўлгани учун катта қисми формулалар ва тенгликлар эди. Ўзбек тилида ёзилган қисми кўпмас, лекин ўша қисмларида ҳам Мирзаев бир-икки жумлалаларни ўзгартирдилар. Масалан “p=q бўлгани учун x=y бўлади” ўрнида “p=q тенгликдан x=y келиб чиқади” каби. Ўшанда Мирзаев “илмий ёзиш услуби бор, у кундалик ёзишмадан фарқ қилади” деб ўгит бергандилар. Ўша пайтдан бошлаб ман ҳам мақолаларимни илмий услубда ёзишни бошладим. Буни яхши томонга ўзгариш деб ҳис қилдим.
Икки йил ўтиб, бакалавр диплом ишимни инглиз тилида ёзишга қарор қилдим. Ўша пайтларда инглиз тилим ўртача, зўрға IELTS 6.0 даражасида эди. Ўшанда узун, мураккаб замонларда гап ёзишга қийналардим. Грамматик хато қилишдан қўрқардим. Диплом ишни инглиз тили ўқитувчимга кўрсатганда “жуда оддий тилда ёзилган, бачканадек” деб дакки олардим. Буни камчилик деб ҳис қилдим ва борган сари инглиз тилидаги матнларимни ҳам мукаммал, илмий услубда ёзишни бошладим.
Кореяда магистратура ўқиш ва ишлаш давримда шу тартибда давом этдим. Инглиз тили грамматикам ва луғат бойлигимни яхшилаб, матнларимни тобора мукаммаллаштирдим. Бу яхши ўзгариш деб ҳис қилдим.
2012 йилдаги бир воқеа ёрқин эсимда. Ҳамкасбим билан патент ёзаётгандик. Ўзбекистонда ҳам олдин патент ёзганман ва олганман, лекин бу Ўзбекистондан ташқаридаги биринчи патентим эди. Патент матнини ёзиб, патент офисига жўнатдим. Кунлар ўтиб жавоб келди. Унда мен берган матнни офисдагилар “патент услубида” қайта ёзишибди. Мен 3 вароқда берган матним 6 вароққа узайган, бир неча диаграммалар қўшилган, ва назаримда жуда мураккаб тилда ёзилган матнга айланганди. Ўз янгилигимни ўзим зўрға тушунардим.
Шу ўйлар билан қўшни столдаги ҳамкасбимга юзланиб “Сизни патент матнизни ҳам тушуниб бўлмайдиган қилиб ўзгартиришганми?” дедим. Ҳамкасбим “ҳа, патент офисидагиларнинг вазифаси шуку” деди. Ҳайрон қолиб, суҳбатни давом эттирдим. Ҳамкасбим айтишича, патент услубида ёзишнинг мақсадларидан бири асосий технологияни яшириш. Эмишки патент матнини ўқиганда бошқа ихтирочилар ундаги асосий янгиликни осонликча илғаб олмасин. Ҳамкасбимнинг иш тажрибаси маникидан кўпроқ, АҚШдаги Станфорд университетида магистратура битирганини ҳисобга олиб, гапларига ишондим ва “демак патент олиш шунақа жараён экан” деб хулоса қилдим. Лекин бу томон ўзгариш яхши эмас деб ҳис қилдим.
UBCда ҳам илмий мақолалар ёздим, ёзганимдан бир неча баравар кўпроқ мақола ўқидим. Мақолалар кўпчилиги содда тилда ёзилган ва тушунишга осон эди. Мени энг севимлиларим эртаксимон ёзилганлари эди. Эртаклардек “бир бор экан, бир йўқ экан” деб бошланмасада, оқим эртакка яқин бўларди. Масалан “мана бу бизнинг муаммо, бугун у мана бундай ечилади, фалончи сабаб туфайли бу ечим бизга тўғри келмайди, мана бундай қилсак бизга тўғри келади, мана сизга натижалар, ... сизда ҳам шу муаммо бўлса, бизни усулдан фойдаланинг” каби. Бу худди “Зумрад ва Қиммат бор экан, Зумрад яхши экан лекин Қиммат уни яхши яшашга қўймас экан (муаммо), Зумрад ўрмондаги кампирга ёрдам бериб (ечим), одоби туфайли совға олиб келибди, Қиммат эса кампирдан таъзирини еб келибди, ... сиз ҳам ҳаётдан совға олмоқчи бўлсангиз Зумрад каби қилинг” деганига ўхшайди.
Шундай мақолалардан бири The Google File System мақоласи, мазмуний таржима: Google файл тизими. У мени соҳамда (компютер тизимлари) классик мақола ҳисобланади. У 2003 йили Google томонидан SOSP (Symposium on Operating Systems Principles) конференциясида чоп қилинган. Конференция номининг мазмуний таржимаси: операцион тизимлар принциплари. SOSP компютер тизимлари соҳасида дунёдаги энг нуфузли конференциялардан бири. Шу қаторга OSDI, NSDI, FAST конференцияларини ҳам қўшса бўлади. Қизиққанларга The Google File System мақоласини ва юқоридаги конференциялардан мақола ўқишни тавсия бераман.
Афсуски нуфузли конференсияларда ҳам “ҳавойи” услубда ёзилган мақолалар бор. Жуда кам миқдорда, лекин бор. Деҳқончасига айтганда бу мақолалар “пашшадан фил ясайди”. Оддий тилда тушунтириш мумкин бўлган нарсаларни мураккаб тилда, қийин жумлалар, ва узун гаплар билан айтади. Худдики автор IELTS имтиҳонига иншо ёзаяпти: қийин жумлалар, мураккаб грамматика ва замонлар ишлатмаса баҳоси пасаядигандек. Мен шу услубни “ҳавойи” ёки “хокисорликдан йироқ” дейман.
Фандаги хокисорлик ҳақида Ричард Фейнман ҳам гапирган. У 1979 йилда Омни журналига (ўша вақтдаги машҳур илмий журнал) берган интервюсида барча математикани тушуна оладими? деган саволга бундай дейди (мазмуний таржима): Мен дунёда фақатгина танланган кишилар математикани тушунади, қолганлар эса оддий одамлар деб ўйламайман. Математика бу одамзод кашфиёти ва у одам тушунолмайдиган даражада мураккаб эмас. Бир вақтлар мендаги олий математика китобида “бир зумраша қилган ишни бошқа зумраша ҳам қила олади” дейилганди. Биз табиат ҳақида ўрганган нарсаларимиз абстракт ва ваҳимали туюлиши мумкин, лекин уни зумрашалар кашф қилган ва кейинги авлодда барча зумрашалар тушунади. Бу кашфиётлар ҳақида сўз кетганда, бизда ҳавойиликка мойиллик бор, уни чуқур ва донишманд-сифат қилиб тасвирлашга мойилмиз. Бунга йўл қўймаслик керак. Илм оддий тилда бўлиши керак.
Ойдинлик учун савол ва жавобни инглизча матнини ҳам келтираман. Савол: Can everyone understand Math? Жавоб: I don't believe in the idea that there are a few peculiar people capable of understanding math, and the rest of the world is normal. Math is a human discovery, and it's no more complicated than humans can understand. I had a calculus book once that said, "What one fool can do, another can." What we've been able to work out about nature may look abstract and threatening to someone who hasn't studied it, but it was fools who did it, and in the next generation, all the fools will understand it. There's a tendency to pomposity in all this, to make it deep and profound. Интервю тўлиқ матнини Фейнманнинг қуйидаги китобида ўқишингиз мумкин: The Pleasure of Finding Things Out (мазмуний таржима: нарсаларни кашф қилиш завқи).
Фейнман ҳақида яна бир мисолни ҳамкасби Даниэл Хиллис айтади. У Фейнманга тушунтирувчи тахаллусини бериб, Фейнман мураккаб жумлаларни оддийсига ўзгартиришга уста эди дейди. Масалан, ёзишмаларда рефлексиядаги акустик тўлқин (инглизча: reflected acoustic wave) ўрнига эхо (ёки акс-садо), ёки локал минимум (инглизча: local minima) ўрнига пуфак, масалан кристалда пуфак тиқилиб қолган, биз уни тебратиб чиқарамиз дерди дейди. Даниелнинг мақоласини тўлиқ ўқишизни тавсия бераман (инглиз тилида).
Ўз ҳаётимда, UBCда Марго Сэлтзернинг операцион тизимлар дарсини олдим. Дарс семинар форматида эди. Ҳафтасига икки кун дарс, ҳар бир дарс 90 минут (бир пара), ва ҳар бир дарсда ўртача иккита мақола ўқиб, ўрганилиб, таҳлил қилинарди. Фақат дарс бошланишидан 24 соат олдин талабалар онлайн форумда (Piazza) мақолага ўз таҳлилларини ёзишлари керак эди. Таҳлилда мақола қандай муаммони ҳал қилгани, янгилик нималиги, муаммони бундай ҳал қилиш афзаллик ва камчиликлари ҳақида фикр айтиларди. Дарсдан олдин ҳамма шу форумдан бошқалар таҳлилини ўқиб, эртасига суҳбатни юзма-юз давом эттиришга тайёр келарди.
Марго таҳлилни эртак каби ёзишни тавсия берарди. Яъни мақолани ўқигандан кейин “Once upon a time there was this problem … with this solution … they lived happily ever after.” каби форматда ёзинглар дерди. Бунинг ўзбек тилига мазмуний таржимаси юқоридаги Зумрад-Қиммат эртаги каби “Қадим замонда мана бундай муаммо бўлган экан … шундай ечимдан кейин … бир умр бахтли ҳаёт кечиришган экан.” Марго таҳлилни шундай бошлаб, борган сари уни кенгайтиришни тавсия берарди. Маргонинг айтишича таҳлил қисқа эртак кўринишида мазмунга эга бўлмаса, якуний кўринишида ҳам мазмунсиз бўлади.
Марго ўзимиз мақола ёзишда ҳам худди шу йўлни тавсия қиларди: аввал эртак ёз, кейин кенгайтир. Мақоланинг эртаги пичоққа илинмаса, кенгайтирилган 12 вароқли кўриниши ҳам пичоққа илинмайди дерди. Шу билан бирга, мақолада оддий, баён-сифат жумлалар ёзинг дерди (инглизча: simple, declarative sentences). Бугун бу тавсияга тўлиқ амал қиламан. Мақолаларимни шу тартибда ёзаман.
Хокисорликка охирги мисол UBCдаги PhD диссертациямдан. Унинг бошида абстракт бор. Бу қисқа бўлиши керак, кўпи билан 350 та сўз. Бундай абстракт Кореяда магистратурамда ҳам, Тошкентдаги бакалавр дипломимда ҳам бор эди. Лекин UBCдаги диссертациямда абстрактдан кейин “Lay Summary” (мазмуний таржима: деҳқонча тавсиф) қисм ҳам бор. Унда диссертацияни содда тилда, техник терминларсиз, кундалик ҳаёти илм-фандан йироқ кишиларга тушунарли қилиб ёзиш талаб қилинади. Бу матн узунлиги абстрактдан ҳам қисқа, 150 та сўздан ошмаслиги керак. Таққослаш учун PhD диссертациямнинг абстракт ва деҳқонча тавсиф қисмларини ўқиб кўринг. 2017 йилдан бошлаб UBCдаги барча PhD ва магистр диссертатцияларда деҳқонча тавсиф мажбурий.
Постга хулоса: илмий мақола хокисор бўлиши керак. Фанда мақола ёзишдан мақсад тилни қанчалик мукаммал билишни кўрсатиш эмас, балки янгиликни кенг оммага етказиш. Мураккаб тилда, ҳавойи жумлалар билан ёзилган мақола бу мақсадга хилоф. Хокисор, эртаксифат мақолалар тушунишга осон, одам ўқиб баҳра олади. Хокисор бўлиш ҳаётда панд бермаганидек, фанда ҳам панд бермайди.
Бу китоб шахсий фойдаланиш учун текин. Бошқа мақсадда фойдаланишдан аввал ҳуқуқлар билан танишинг. Кейинги постлар ҳақида хабар олиш учун Телеграм каналга қўшилинг.