PhD ҳаётим бошида юз берган воқеадан бошлайман. Лабараториямиз талаба ва профессорлари ҳар ҳафта Жума куни йиғилишарди. Бу анъана йиллар олдин ўртатилган, бошқа лабараторияларда ҳам бор эди. Йиғилиш бир соатча давом этарди. Ундан мақсад: соҳадаги охирги кашфиётлардан хабардор бўлиш, уларнинг афзалликлари ва камчиликларини чуқур таҳлил қилиш. Ҳар ҳафта бир талаба мақола танлаб, йиғилишнинг дастлабки 15 минутида бу уни қисқача тушунтириб беради. Қолган вақт мақола таҳлили учун эди. Танлаган мақола бир неча кун олдин электрон почта орқали эълон қилганлиги учун бошқалар ҳам бу мақоладан хабардор, 15 минутлик презентациядан кейин ҳамма мақола таҳлили учун тайёр бўларди.
Лабараторияга қўшилганимдан бир ойча ўтиб, навбат менга келди. Мақолани бир ҳафта олдин танлаб, почта орқали гуруҳга эълон қилдим. Кейинги қадам: презентациямни тайёрлаш. Мақола аллақачон ўтган конференциядан олинган бўлса, йиғилишда мақола авторининг конференцияда ишлатган презентациясидан фойдаланишарди. Одатда бу презентация конференция веб ҳасифаси архивида бўларди. Мен танлаган мақола конференцияси кейинги ойдалиги учун ҳали презентацияси йўқ эди.
Лабараторияда ўтириб презентация тайёрлаётганимда бир лабдошим (қисқартма: лабаратория-дошим) келиб “мақолага презентацияни ўзинг тайёрлаяпсанми” деди ва мен “ҳа” дедим. У бўлса “мақола авторига хат ёз, конференция келаси ой, балки аллақачон презентацияси тайёр бўлса беради, ўшандан фойдаланасан” деди. Мен эса “ҳазиллашаяпсан шекилли, бундай мақолани ёзган киши буюк одам, бундай хатларга жавоб ҳам бермайди” дедим. У эса “аксинча, мақоласига қизиқишаётганига хурсанд бўлади” деди. Мен “қўйсангчи, бундай майда-чуйда илтимослар билан ундай кишиларни безовта қилиш ҳурматсизликку” деб мавзуни ёпдим. Лабдошим гапларини кейинроқ яна ўйлаб кўрдим, лекин хат ёзиш ҳурматсизлик деган хулоса билан презентацияни ўзим тайёрладим.
Жума куни келди, йиғилишда мақолани таҳлил қилдик. Мажлисдан кейин ўша лабдошим қайтиб келиб, “презентацияни автордан олдингми ёки ўзинг тайёрладингми” деди. Ўзим тайёрлаганимни айтдим. У эса кулимсираб “яхши тайёрлабсан, энди авторга жўнатиб қўй, мана сизга тайёр презентация, конференцияда шундан фойдаланинг дегин” деди. Мен “жуда ҳазилкаш бола экансану, ўзинг уни ўрнида бўлганингда қанақа жавоб берардинг” дедим. У эса олдингидек “мақоламга қизиқишаётганига хурсанд бўлардим” деди. Бу сафар мавзуни чуқурроқ давом эттириб фикрини тўлиқроқ эшитдим. У эса мақоламга қизиқишса хурсанд бўламан деган фикрида қолди.
Ертаси куни хат ёздим. Лабдошим айтган “мени презентациямдан фойдаланинг” дебмас, балки “презентациямга баҳо беринг, сизнинг ишингизни яхши тушунибманми” деган мазмунда. Лабдошим айтган мазмунда ёзиш ҳурмат чегарасидан чиқиш бўлади, баҳо беринг мазмунида ёзишни айби йўқ деб ҳис қилдим. Эртаси куни мақола биринчи авторидан хатимга жавоб келди. Автор презентациямни яхши баҳолаб ўзи ҳазиломуз “конференцияда сани презентациянгдан фойдалансамам бўлавераркан” дебди. Хатни ўқиб қувончим ичимга сиғмасди. Лабдошимдан бу хатга суюнчи ҳам олдим.
Енди бу воқеани таҳлил қиламан. Аввало ўзимни табиатим ҳақида қисқача. Ўзимни уятчанг деб ўйламайман. Аксинча, Кореяда магистратура ўқиганимда, Тошкентда бакалаврлик ва Бухородаги мактабимда ҳам “жўрткесар, домлаларга қалтис гапирувчи” сифатида кўришарди. Мен бунга бошқача қарардим: ўрни келганда ҳаққимни талаб қилиб, домлаларнинг машҳурлиги ва мансабини четга суриб савол ва таклифлар бераман деб ҳис қилардим. Масалан, Бухорода абитуриентларни тайёрлаш марказида биздан имтиҳон олишаётганида бутун Бухоро вилоятига машҳур домлалардан бири “Нодир яхши ишлаяпсанми” деганида “ҳа, яхши, ўзиз ҳам ўтириб масала ишлангчи нечтасига тўғри жавоб бераркансиз” деганимда атрофимдаги абитуриентлар билан бирга бошқа домлалар ҳам “Нодир яна қалтис гапирди, ҳурматсизлик бўлдиёв” дейишганди. Шунга ўхшаган ҳолатлар ТАТУда кўпчилик ҳайиқадиган профессор (ва “зам декан”) ва Конкукдаги машҳур лабаратория раҳбари билан ҳам бўлган.
UBCга келиб нега “қалтис” хатни жўнатмадим? Орадан қарийб 10 йил ўтгандан кейинги жавобим: сабаб асосан иккита. Биринчиси мақолани, ва бундан келиб чиқиб мақола авторларини идеаллаштирганим. Авторларни буюк иш қилган, буюк одам, ҳурмат қилишим керак деб, шахсга сиғиниш даражасига чиқарганим. Буни ҳаётийликдан йироқлаштириш ёки идеаллаштириш деб атайман. Иккинчиси менда ўша пайтларда энди шаклланаётган импостр синдроми: мақола авторлари ва атрофдагиларимни билим даражаси ваҳимаси остида ўзимни ўз ўрнимга (UBCда талабалик) муносиб кўрмаслигим. Импостр синдроми ҳақида кейинги постда алоҳида ёзаман. Бу пост эса биринчи сабаб (идеаллаштириш), унинг келиб чиқиши ва имкониятлар тўсиғига айланишини олдини олиш ҳақида.
Мендаги идеаллаштиришнинг илдизи чуқур. Менимча бу бошланғич таълимдан бошланган. Синфхонамизда эслайман доскамизнинг тепасида бир томонида Алишер Навоий бошқа томонида Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг суръати турарди. Уларнинг ўртасида эса алфавит ҳарфлари эди. Юқорироқ синфларда булар ўрнини Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбеклар эгаллади. Олий таълимда эса Хоразмий, Ломоносов, Эйнштейнлар. Мактабда аждодларимиз номига тўгараклар очиларди, шерхонликлар қилинарди. Шу каби тадбирларда фақатгина аждодларимизнинг қандай буюк ишлар қилганлиги айтиларди. Кимдир уларнинг ҳам биздек шу ҳаётда яшаганлиги, кундалик муаммолари, камчиликлари ва ҳатто хато қилган жойлари бўлгани ҳақида гапирганини эслолмайман. Киши ҳаётида учрайдиган бу пасту-баландликларни ҳаётийлик деб атайман.
Олимларнинг ҳаётий эканлиги менга 2015 йилдан кейин синга бошлади. Бунга ўз мақолаларим конференцияда чоп қилинишга рад қилиниши билан бирга олдинги постда айтган Ричард Фейнманнинг автобиография китоби (Жаноб Фейнман, сиз албатта ҳазиллашаяпсиз!) сабаб бўлди. Фейнман ҳам 1965 йилда Физикадан Нобел мукофоти олган ва бу вақтга келиб (2015 йил) у ҳам мени буюклар рўйхатимда эди. Ўз автобиографиясида Фейнман шахсий ва касбий ҳаётидаги қийинчиликлар, илмий мақолалари рад қилиниши ва олдинги постда айтганимдек ҳатто анча вақт фандан совиб қолгани каби ҳолатларни тортинмасдан очиқ айтади. Фейнман мисолида менга бошқа олимлар ҳам шу ҳаётда яшаганлиги, ҳаётий муаммолари бўлганлиги, тўсиқларга дуч келгани синга бошлади. Кейин барча олимларга бошқача назар билан қарай бошладим.
Мени соҳамда (ахборот технологиялари) алгоритмлар устаси деб ҳисобланган ва буюклар рўйхатимдагилардан яна бири Доналд Кнут ҳам маърузаларининг бирида шундай дейди: “мен олимлар ҳаётини ўрганаман, уларнинг ҳам илмий фаолиятидан ташқари ҳаёти бўлгани, уларнинг қандай ўсиб улғайгани, қандай қилиб дўстлар ортиргани, қандай қилиб душманлар орттиргани, вақтини қандай бошқаргани менга қизиқ”. Бу билан Кнут бошқа олимлар қатори ўзи ҳам “ҳаётий” эканлигини тан олади.
Энди мавзуга қайтсак: идеаллаштириш ёмон бўлса ва менда идеаллаштириш илдизи доска устидаги суръатлардан бошланган бўлса, унда доска устидан суръатларни олиб ташлаш керакми? Аждодларимиз номига шерхонлигу тадбирларни тўхтатиш керакми? Йўқ. Мен иделлаштиришга қаршиман, лекин унинг ечими суръатларни олиб ташлаш ёки тадбирларни тўхтатиш эмас. Аксинча, уларга қўшимча, аждодларимизнинг ҳам ҳаётий эканлигини таъкидлаш. Улар ҳам мен ва сиз каби ҳаёт пасту-баландидан кечгани, шу қийинчиликларга қарамасдан буюк ишлар қилганига урғу бериш. Токи кейинги авлод ҳаёт пасту-баландига дуч келганда “мени ҳаётим қийинчиликларга тўла, аждодларимдек буюк иш қилишдан йироқман” деб эмас, балки “бу синовлар аждодларим бошига ҳам тушган, мен ҳам булардан кечиб ўтиб буюк ишлар қила оламан” десин.
Шу ўринда ҳутмат ва ҳаётийлик келади. Бир томондан буюкларнинг ҳам барча каби яхши ва ёмон кунлари бўлганлиги уларнинг буюклигига шубҳа соладигандек туюлиши мумкин. Буни ҳурмат йўқолиши дейман. Бошқа томондан уларнинг фақат буюк ишлари ҳақида айтиш мендаги каби идеаллаштиришга олиб келиши мумкин. Буни ҳаётийлик йўқолиши дейман. Савол: ҳурматни сақлаган ҳолда ҳаётийликни сақлаб қолиш мумкинми?
Қийин савол. Қийин саволларга жавоб қидиришнинг бир усули “шунга ўхшаган саволга олдин жавоб берилганми” деган иккинчи саволга жавоб бериш. Бизни ҳолда иккинчи саволга жавоб “ҳа”. Кореяда яшаганимда Корейс пилотлари ҳаётида юз берган воқеа ҳақида эшитгандим. Аввал шу ҳикояни қисқача айтиб бераман, кейин бу ҳикоядан хулоса чиқариб биринчи саволга қайтаман.
1997 йил 6 Август. Корея ҳаво йўлларига тегишли КЛ 801 рейси тунгги 01:42да бортидаги 254 киши билан Гуам оролида ҳалокатга учрайди. Ҳалокат сабаби самолёт қўнаётганда оролидаги тоғ чўққисига бориб урилганлиги. Натижада бортдаги 254 кишидан 229 киши нобуд бўлади. Парвоз капитани Парк, биринчи пилот Сонг, ва парвоз муҳандиси Нам ҳам нобуд бўлганлар қаторида. Самолёт қора қутисини таҳлил қилган экспертлар ҳалокат сабабларидан бири Парк, Сонг, Нам орасидаги мулоқот деб хулоса қилади.
Корейс тилида сўзлашувнинг икки хил даражаси бор. Бири оддий гапириш, иккинчиси ҳурмат билан гапириш. Бу ўзбек тилидаги “сенлаб” ва “сизлаб” гапиришга ўхшайди. Фақат Корейс тилида бу даражалар орасида фарқ янада каттароқ, сизлаб гапирганда баъзи сўзларнинг ўзаги ҳам ўзгаради. Бу фарқ халқ маданиятида ҳам сезилади. Масалан сизлаб гапирганда баъзи бир нарсалар қоғозга ўраб айтилади, айниқса инкор ва зиддиятлар очиқчасига эмас, ишора сифатида айтилади.
Самолёт ҳалокатга учраган тунда қаттиқ ёмғир туфайли узоқни кўриш қийин бўлади. Пилотлар қўниш ускуналаридан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Аммо қўниш йўлагида глиссада (ёрдамчи ускуналардан бири) ишламаётган бўлади. Капитан Парк уни ишлаяпти деб ҳисоблайди. Авариядан 7 дақиқа олдин капитан Парк бошқа ускунадан келаётган сигнални адашиб глиссада сигнали деб ўйлайди. Муҳандис Нам бу глиссада эмаслигини айтади, аниқроғи капитанга ҳурмат билан “ишора” қилиб айтади, лекин капитан Парк уни эътиборга олмайди. Биринчи пилот Сонг ҳам такрор-такрор ҳали аеропорт кўзга кўринмаётганлиги, аеропортга жуда пастлаб яқинлашаётганликларини айтади. Аммо капитан Парк самолётни қўндиришда давом этади. Ҳалокатдан 6 сония олдин биринчи пилот Сонг аварияга бўлишини, қўнишни инкор қилишни капитандан сўрайди. Ваҳоланки биринчи пилот инкор операциясини капитандан мустақил равишда ҳам қилишга қодир бўлган. Таҳлилчилар хулосасида капитаннинг бу огоҳлантиришларга қулоқ солмаганлиги ёки кеч қулоқ солганлиги ҳалокат сабабларидан деб кўрсатилади. Оқибатда аеропорт қўниш йўлагига 5.6 км қолганда самолёт 200 метрлик чўққига урилиб ҳалокатга учрайди. Ҳалокат 229 кишини ҳаётдан олиб кетади.
Бу ҳалокатдан кейин Корея ҳаво йўллари пилотларни тайёрлаш ва ишини яхшилаш тизимида бир қанча ўзгаришлар қилади. Улардан бири парвозда пилотлар инглиз тилида мулоқот қилинишлари бўлади. Шунда пилотлар орасидаги фикрлар ва фактлар Корейс тилидагидек қоғозга ўралиб, ишора сифатида эмас, балки очиқчасига айтиш эҳтимоли ошади. Бу ўзгаришлардан икки йил ўтиб, Корея ҳаво йўллари дунёдаги энг хавфсиз авиалиниялардан бирига айланади. Бу ҳалокат ва унинг хулосалари ҳақида ёзувчи Малкольм Гладуэлл ўзининг Outliers (мазмуний таржима: Тўпламдан ташқаридагилар) китобида батафсил ёзади.
Енди ўз мавзумизга қайтаман. Ҳурматни сақлаган ҳолда ҳаётийликни сақлаб қолиш мумкинми? Менимча ҳа. Бу учун Ўзбекистонда илм-фан инглиз тилида олиб борилиши керакми? Йўқ. Унда нима қилиш керак? Мен бутун мамлакатга тавсия айтишдан йироқман. Буни тегишли идоралар масалани чуқур ўрганиб, масаланинг мен билмаган жиҳатларини ҳам ҳисобга олиб қилиши керак. Бу постдан мақсадим шахсий тажрибамни айтиш ва индивидуал даражада қандай йўл тутиш мумкинлигига мисол бериш. Масалан Фейнманнинг юқорида айтган китобини ўқиш. Ўзим бу китобдан ўрганганим: буюклар ҳам мен ва сиз каби шу ҳаётга яшагани, ҳаётидаги пасту-баландлардан ошиб ўтиб, холи бўлиб эмас, фанга буюк ҳисса қўшган. Бу қараш натижасида менда нафақат буюкларга ҳурмат сақлаб қолинди, балки янада ошди.
Шу ўринда 2001-йилда ишланган Тафаккур ўйинлари киноси кўз олдимга келади. Унда 1994 йилда иқтисод соҳасида Нобел мукофоти олган Жон Наш ҳаёти тасвирланган. Наш ҳаётда шизофрениядан азият чекади, йўқ нарсалар ва кишилар кўзига бордек кўринади. Шахсий ҳаётидаги шу ва бошқа паст-баландликка қарамасдан, Наш фанга буюк ҳисса қўшади ва оқибатда Нобел мукофоти олади. Кино якунида томошабин нафақат Наш кашфиётларига қойил қолади, балки касаллиги ва ҳаётидаги бошқа муаммоларни енгиб шундай кашфиётлар қилганлиги томошабинни ҳайратланади, Нашга бўлган ҳурматни ошади.
Мавзуга якунлашдан олдин идеаллаштириш нафақат ўзбек маданиятида, балки бошқа маданиятларда ҳам борлигига эътибор қаратмоқчиман. Бу ҳақида Фейнман аввалроқ айтилган китобида ҳикоя қилади. Ҳикоя Фейнман ва Ниэлс Боҳрнинг дастлабки учрашуви ҳақида. Асли Даниялик Боҳр 1943 йилда Лос Аламосга (АҚШ) маъруза ўқишга келади. Боҳр 20 йилча олдин атомларнинг структураси ва улардан чиқаётган радиациялар соҳасидаги кашфиётлари учун Нобел мукофоти олган (1922 йилда) ва маъруза қатнашчилари учун у “буюк” бўлади. Кўпчилик олимлар унга жиддий савол беришдан (ёки қалтис гапиришдан) ҳайиқишади. Хонадаги ёш олимлардан бири бўлган Фейнман ҳайиқмай Боҳр қарашларига шубҳа билдиради, саволлар беради. Натижада эртаси куни эрталаб 8да Боҳр Фейнманни қайта йўқлаб ва мавзуни давом эттиради. Бу ҳикоя Фейнман ҳаётий қараши туфайли Боҳр билан ҳамкорлик эшигини очганлигини кўрсатади.
Постни Фейнман тилга олган бир мисра билан якунлайман. Фейнманнинг одинги постда айтилган бошқа китобида (Нарсаларни кашф қилиш завқи) ўзи олий математика ўрганган китобидан қуйидаги мисрани тилга олади “What one fool can do, another can.” (мазмуний таржима “бир зумраша қилганни бошқаси ҳам қила олади”). Халқимизда ҳам “одам қилган ишни одам қила олади” деган мақол бор.
Хулоса қилиб, бу пост фанда ҳурмат ва ҳаётийлик ҳақида эди. Ҳурматнинг идеаллаштиришга айланиш хафи борлиги, у киши олдидаги тўсиққа айланиши мумкинлиги, ҳаётийликни эътироф қилиш тўсиқни бартараф этиш ечимларидан бири эканлиги, ҳаётийлик нафақат ҳурмат билан ҳамоҳанг келиши, балки ҳурматни янада ошириши мумкинлиги ҳақида эди. Кейинги постда тўсиқлардан яна бири, UBCда “қалтис” хатни ёзмаслигим иккинчи сабаби бўлган импостр синдроми ҳақида ёзаман.
Бу китоб шахсий фойдаланиш учун текин. Бошқа мақсадда фойдаланишдан аввал ҳуқуқлар билан танишинг. Кейинги постлар ҳақида хабар олиш учун Телеграм каналга қўшилинг.