Олдинги постда импостор синдроми “қалтис” хатни ёзмаслик сабабларидан бири бўлган дедим. Бу синдром имкониятлар тўсиғига айлангани ва унинг илдизи мен ўзимни ўз ўрнимга муносиб кўрмаслигим эди дедим. Ўшанда импостор синдроми ваҳима остида шаклланиши ҳақида айтдим. Бу пост шу жараён ва уни қандай бартараф қилиш мумкинлиги ҳақида.
Балки бартараф қилиш атамаси ноўрин, чунки бутунлай бартараф қилиш имконсиз деб ўйлайман. Мени тажрибамда бу синдром худди грипга ўхшайди. Бир марта тузалганиз билан у қайта келади, фақат бошқа вариантда. Ундан бир умрга холи бўлиш имконсиз, лекин кейинги грип бўлганизда уни таниб қолган бўласиз ва “шамолладим шекилли, бир-икки кунда ўтиб кетади” деб кундалик юмушларда давом этишиз мумкин. Импостор синдроми ҳақида батафсил ёзишдан мақсад ҳам шу: уни таништириш. Олдиздан чиққанида “бу импостор синдроми, ўтиб кетади” деб юмушда (изналиш) давом этишизга замин яратиш.
Ўзимда бу синдром қандай шаклланганидан бошласам. UBCга келганимда ҳечам ваҳима йўқ эди. Аксинча, ўзим билим ва тажрибамни бошқалардан кўра устунроқ кўрсам кўрардимки, ҳечам паст кўрмасдим. Ҳар ҳолда туғилиб ўсган мамлакатимдаги энг юқори олийгоҳлардан биридан бакалаврим (ТАТУ), ахборот технологиялари бўйича етакчи мамлакатлардан биридан магистрим (Конкук), ва ўша мамлакатнинг етакчи изланиш марказларидан бирида қарийб 3 йиллик иш тажрибам бор эди (ETRI). Булар ишончим тиргаги эди.
Ўқиш бошланди. Биринчи семестрда 5 та дарсдан рўйхатдан ўтдим. Олдинги йиллар келган талабалар 3 та дарсдан кўпи оғирлик қилишини айтишди. Улар UBCда дарсларни дастлабки 2 ҳафта таъмини кўриш имконияти борлигини ҳам айтишди. Унга кўра талаба дастлабки 2 ҳафта давомида ҳоҳлаган дарсга қатнашиши, дарсга қизиқмаса уни ташлаб кетиши мумкин эди. Биринчи ҳафта 5 та дарсга қатнашдим. Уларда ўрганишим керак бўлган нарсалар ҳажмидан ҳайиқиб 2 та дарсни ташладим. Бу ваҳиманинг бошланиши эди.
UBCда ҳар бир дарс ҳафтасига ўртача 20 соатни олади дейишарди. Мен Конкукда ва ТАТУда олган дарсларим UBCдагидан енгилроқ ва UBC дарсларида яхши натижа олишим учун ҳар бир дарс ўртача эмас камида 20 соат, балки ўртача 25 соатни олади деб хулоса қилдим. 3 та дарсга ҳафтасига 75 соат кетади ва қолганини илмий изланишга сарфлайман деб ўйладим.
Иккинчи ҳафта 3 та дарсда қатнашдим. Хулосам: 25 соат ўртача эмас минимум. Қолайверса ўтган икки ҳафта давомида изланишга умуман вақт тополмаганимни ҳисобга олиб яна бир дарсни ташладим. Биринчи семестрни 2 та дарс ва оз-моз изланиш билан якунладим. Семестр бошидаги ваҳима эса давом этди. Масалан, дарсда профессор айтганлари ичида тушунмаган жойларим бўларди. Бошида кўпроқ, кейин камроқ. Бу нормал ҳол эканлигини билардим. ТАТУ ва Конкукда ҳам шундай бўлганди. Тушунмаган жойларимни дарсдан кейин ўқиб мавзуга етиб олардим. Баъзи талабалар эса нафақат дарсни тўлиқ тушунарди балки профессор маърузасига қўшимча ва тузатишлар киритарди. Назаримда уларнинг билим даражаси осмону меники ер. Қўрққанга қўш кўринар деганларидек, гўёки барча талабалар осмон, ёлғиз мен ер.
Олдинги постда айтган ҳафталик семинарда ҳам ваҳима худди шундай эди. Семинар мақолаларининг ҳар бири мен учун бошқа олам. Мен билганларим оддий нарсалар, мақолада қилинган янгилик эса осмон. Атрофдаги талабалар нафақат бу кашфиётлар моҳиятини чуқур тушунарди балки унинг камчиликларини таҳлил қилишарди. Семинардан кейин лабдошларимдан қандай қилиб шунчалик билимли эканликларини сўраганимда “хавотирланма, янги келганимда менам ўзимни ер ҳис қилардим, аслида унақа эмас, билганларинг устига қўшимча ўрганишда давом этайвер, куни келиб етиб оласан” дерди. Мен эса ичимда “бу мени билимим қай даражага паст эканлигини билмайди, билмагани оз деб ўйлаяпти, кел ўзимни баттар ерга уриб бор обрўйимни ҳам йўқотмай” деб мавзуни ёпардим. Мана шу “бошқалар пайқаб қолмасин” ваҳима импостор синдромининг негизи.
Импостор синдроми киши ўзини ўз ўрнига номуносиб қилиб кўрсатади. Гўёки ҳамма осмон сиз эса ер. Мени ҳолимда бу синдром бакалавр, магистр, ва Кореядаги иш тажрибам берган ишончни пучга чиқарган чунки атрофимдагиларга қарасам, уларнинг ютуқлари меникидан қолишмасди. Кимдир Ҳиндистоннинг энг юқори олийгоҳида бакавр олган, кимдир АҚШнинг, бошқаси Канада ўзидаги етакчи олийгоҳларида бакалавр ёки магистр олган. Уларнинг билим даражаси ва эришган ютуқлари ваҳима оловимга олов қўшарди.
Вақт ўтган сари бунга кўникиб бордим. Лабдошим айтганидек биринчи семестрда олган билимларим, дарслардан олган баҳоларим, лаб семинарлардан олган кўникмаларим UBCдан олдинги ишончимнинг бир қисмини тиклади. Атрофдагиларим каби осмон бўлмасам ҳам, ўзимни ердан юқорироқ ҳис қила бошладим. Булар ўзимни ўз ўрнимга мос кўришга кўмаклашди. Кейинги 2 йилча шу тарзда давом этди: борган сари ишончим ортиб, импостор синдромини сусайтириб бордим.
UBCнинг 3-йилида илмий раҳбарим “Graduate Recruitment Committee”, мазмуний таржима “магистр ва PhD талабалар қабул коммитети”, гуруҳига қўшилишимни сўради. Бу комитет мақсади кейинги йил қабул қилинадиган талабаларни саралаш. Комитетда тахминан 15 киши бўларди: 5 тача профессор ва 10 тача талаба. UBCнинг ахборот технологиялар (Computer Science) йўналишида магистр ёки PhD ўқиш учун ҳужжат топширган мингдан ортиқ номзодалар орасидан тахминан 50 таси қабул қилинарди. Булардан ўртача 80 фоизи магист 20 фоизи PhDга олинарди. Комитет иши Декабрдан бошланиб Мартларгача давом этарди. Комитетдаги талабалар ўз профессорлари томонидан тайинланган ва талабалар вазифаси ҳужжат топширганлар орасидан лабга мос кандидатларни саралаш. Мен тизимлар соҳасида талаба саралардим.
Комитет импостор синдромимнинг қайтишига сабаб бўлди. Ҳужжат топширганларнинг ютуқлари олдида меники ер бўлиб кўринарди. Ўзимга ўзим “мен қандай қилиб кириб қолган эканман” деб ўйлаб қолардим. Бу саволга “омадим чопган” дегандан асослироқ жавоб тополмасдим. Бу эса яна ўзимни ўз ўрнимга муносиб кўрмаслигим ҳиссиётларини кучайтирди ва 3 йил олдинги шубҳаларим тасдиқлангандек эди гўё. Бу шубҳа ўша эски қадрдон импостор синдроми маҳсули эди. Ўшанда буни импостор синдроми эканлигини билмасдим. Импостор синдроми ҳақида 2018 йилда эшитдим. Бу ҳали 2015 йил.
Комитетда пахмоққина қуёндек вазифаларимни бажардим. Лабдаги изланишим ва дарсларимда кучлироқ эътибор қаратиб, ҳеч бўлмаса кейинги йил талабаларига етиб оларман деб ўз устимда янада қаттиқроқ ишладим. Мартга келиб комитет иши якунланди ва Сентябрда “даҳо” талабалар ўқишга кела бошлади. Уларнинг баъзилари билан бирга дарс олдим, баъзилари лабимиздаги изланишларга қўшилди. Кейинги 6 ойча уларнинг изланишини ва натижаларини кузатдим. Хулосам: бу талабаларнинг кўпчилиги ҳақиқатда мендан билимлироқ, лекин мен ва улар орасидаги масофа 2013 йилдан кўра кичикроқ (UBCга кирган йилим). Яъни охирги 2 йилда ўрганганларим мени уларга яқинлаштирарди. Қолайверса, соҳанинг баъзи қисмларида мени билимим уларникидан ўзарди. Бу эса мен устимда кўпроқ ишласам куни келиб улардан қолишмаслигимга ишонч туғдирди. Бу ишонч импостор синдромини сусайтирди. Кейинги бир йилча шу йўсинда давом этиб, импостор синдромини анча қўлга олдим.
2016 йилда илмий раҳбарим билан OSDI (Operating System Design and Implementation), мазмуний таржима: Операцион тизимлар дизайни ва қурилиши, конференциясига бордим. Бир ҳафта давомида дунёнинг етакчи олимларидан маърузалар тингладим, улар билан суҳбатлашдим, ҳатто баъзилари билан бирга овқатландим. Хулосам: бу олимлар осмон мен эса ер. Бу кунга келиб, ер ҳиссиёти менга таниш эди (лекин ҳалиям импостор синдроми эканлигини билмасдим). Конференциядан UBCга қайтгач, куни келиб мен ҳам шу каби конференцияларда мақола чоп қилишга аҳд қилдим. Ўз устимда янада қаттиқроқ ишладим.
2017 йилда шу каби конференцияда биринчи мақолам чиқди, 2018 йилда иккинчиси. Бу конференцияларга бориб, осмон деб ишонган олимлар билан тенгдош сифатида гаплашдим, илмий ва ҳаётий мавзуларда суҳбатлашдик. Буларнинг ҳаммаси импостор синдромимни сусайишига олиб келди. Уни борган сари қўл остимга олдим.
2018 йилда импостор синдроми ҳақида биринчи марта ўқидим. Эслашимча бу Станфорд университети профессори ёзган мақола эди. Мақолада профессор баъзи талабалар унинг хонасига келиб Станфордда ўқиш қийинлиги, дарсларга улгурмаётганлиги, назарида бошқалар осмону ўзи ер эканлиги, шулар асосида ўзи Станфорд талабаси бўлишга номуносиб эканлиги ва Станфордни тарк этиш ниятидалиги ҳақида йиғлаб дардлашганлигини айтганди. Профессор талабаларга бу кўп учрайдиган ҳол эканлиги, бу шунчалик кўп учрайдиган ҳолки, унга ҳатто ном берилганлиги ҳақида айтади: импостор синдроми. Шу пайтдан бошлаб мен ҳам ўз ҳиссиётим номини билиб олдим. Бу қизиқ ҳолат. Худди болаликдаги беркинмачоқ ўйинига ўхшайди: топиш қийин бўлган болани топгандагидек енгил ҳис қиласиз. Ёки бир неча йилдан бери сизни қийнаб келаётган дардга доктор аниқ ташхис қўйгандагидек енгиллик ҳис қиласиз.
Ўша профессор яна бир муҳим нарса айтади: ҳаёт тажрибамда айнан шу талабалар Станфордда ўқишга энг муносиб эканлигини кўрдим дейди. Чунки Станфорддаги қийинчиликлар айнан шу талабаларни яхши чиниқтириб, тинимсиз меҳнатга ундаши, бу меҳнат эса уларнинг юқори чўққиларни забт этишларига асос бўлиши ва алқисса Станфорд юзини янада ёритишларига олиб келади дейди.
Бу профессор Станфорддаги кўпчилик талабалар импостор синдромига чалинишини, унга чалинмайдиганлар одатда синфнинг энг олди талабалари дейди. Шу жойда профессор “If you are the best in your class, you are in the wrong class” деган инглиз мақолини эслатади. Мақолнинг мазмуний таржимасига “агар синфдаги энг олди талаба бўлсангиз, сиз нотўғри синфдасиз”, ёки ўзбек адабиётидаги “кичик ҳовузда катта балиқ бўлгандан катта ҳовузда кичик балиқ бўлган афзал” ибораси мос келади. Мени хулосам, импостор синдроми борлар катта ҳовуздаги кичкина балиқлар, ҳовуз эса айнан шу кичик балиқларнинг ўсишига муносиб жой. Демак UBC менга муносиб жой.
Импостор синдроми ҳақида ўқиганимдан кейин охирги 5 йилда (2013 йилдан бери) UBCда бошдан кечирганларимни нималигини чуқурроқ англадим. Бу ўзимдаги синдромини янада қўл остимга олишга далда бўлди. Лекин вақти-вақти билан бу синдром яна бош кўтариб қоларди. Ўзимда охирги марта бош кўтаргани 2021 йил Ноябрда, PhD дипломи топшириш куни бўлди. Маросимга эрталаб бориб, PhD битирувчига бериладиган махсус рангли ва безакли кийимларни кийиб бошқа PhD битирувчилар орасида турганимда бўлди. Атрофимда 20 тача шундай талаба, ҳаммамиз бир қаторда туриб ёнимиздаги одам билан гаплашиб, кулишиб, улар қайси соҳада PhD олганлиги, илмий иши мавзуси ҳақида қисқа суҳбат қуриб тургандим. Гаплашган сари худдики булар қилган иш муҳим, меники эса оддий каби туюлди. Шунда ўзимни булар орасида пуч данак каби ҳис қилдим. Гўёки ҳозир кимдир келиб данакларни тўла ва пучга ажратади ва PhD даражамни олиш кунимда мени пайқаб қолишади. Шу ваҳима ва бошқа ҳиссиётлар йиғиндиси ўзимни ўз ўрнимга, ҳатто кийиб турган безакли кийимимга номуносиблик ҳиссини бошлади. Аммо бу кунга келиб импостор синдромини яхши таниб қолгандим. Бир неча дақиқалар ичида уни қўлга олдим. Назаримда атрофдаги барча PhD талабалар ҳам худди шундай қилаётгандек, ҳамма синдромини жиловлаб, битирув кунида тантанали давом этаётгандек.
Бу жараён олдинги постда айтган Тафаккур ўйинлари киносида Жон Нашнинг Нобел мукофоти олганидан кейинги саҳнасига ўхшайди. Наш мукофотни олиб ташқарига чиқаётганида кўз олдига ҳар доимги сароблар кўринади. Наш булар шизофрения натижаси эканлигини, улар ўзига реал кўриниши билан сароб эканлигини онгли равишда ҳис қилиб, рафиқаси билан ўз йўлида давом этади. Импостор синдромида ҳам ичизда бир овоз доим сиз ўрнизга муносиб эканлигизга шубҳа билдириб туради. Бу овозни сароб эканлигини англаб олға давом этиш эса импостор синдромини жиловлаш. Худди Наш шизофренияни жиловлаб олға давом этгандек.
Импостор синдромининг энг сирпанчиқ жиҳати уни яхши таниб, қайта учратганизда “бошқалардагиси импостор синдроми, мендагиси эса ҳақиқий номуносиблик” деган ҳиссиёт. Бунинг ечими мавжуд бўлмаган (илмий) ютуқларни бор деб ўзизга сингдириш эмас, балки ўзизни бошқаларга таққослашдан тўхтаб, ўзизни кечаги ҳолизга таққослаш. Кундалик меҳнатлариз эвазига ҳар куни олдинга силжиш ва бу силжишдан қониқиш. Шундай ҳолларда мен ўзим туғилиб ўсган чекка қишлоқни кўз олдимга келтириб, ҳозирги ўрнимдалигимда асосий факторлардан бири кундалик меҳнатим эканлигини эслайман ва меҳнатда давом этсам келажагим янада порлоқ бўлади деб олға юраман.
Пулсарни (нейтрон юлдуз) кашф қилишда ҳисса қўшган Джоселин Белл Бернелл ҳам шу каби йўл тутишини айтади. Пулсар ихтироси учун 1974 йилда Белл илмий раҳбари Антони Ҳевиш ва унинг ҳамкасби Мартин Райл физикадан Нобел мукофоти олади. Белл эса 2018 йилда Фундаментал физика бўйича мукофот олади. Белл ўзининг Ню Ёрк Таймсга (The New York Times) берган интервюсида Кембридж университетида PhD ўқиган давридаги импостор синдроми ҳақида гапиради. Унда Белл “мени Кембриджга қабул қилиб хато қилишди, куни келиб мени пуч данаклигимни пайқаб қолишади ва мени университетдан четлаштиришади, ўшанда айбдор ҳис қилмаслик учун ўз устимда қаттиқ ишлашга қарор қилдим” дейди. Менимча ҳам импостор синдромидан халос бўлиш йўлини қидиришдан кўра, ундан Беллдек олға бориш ёқилғиси сифатида фойдаланиш афзал.
Хулоса: бу постда импостор синдроми ҳақида гапирдим. Ўз ҳаётимда унга учраган уч ҳолатни тасвирладим. Импостор синдроми ваҳима остида шаклланиши, бу катта ҳовуздаги кичик балиқ учун одатий ҳол эканлигини, ҳатто Нобел мукофоти олган кашфиётларга ҳисса қўшганлар ҳам бу синдромни бошдан кечирганликлари, уни жиловлаб, олға бориш ёқилғисига айлантирганликлари ҳақида айтдим. Ҳозирда ўзим ҳам шундай йўл тутаман: ёқилғига айлантираман. Олдинги постда ёзганим ва Ричард Фейнман айтганидек “бир зумраша қилганни бошқаси ҳам қила олади”. Мен ўша зумрашаларданман. Сиз ҳам.
Бу китоб шахсий фойдаланиш учун текин. Бошқа мақсадда фойдаланишдан аввал ҳуқуқлар билан танишинг. Кейинги постлар ҳақида хабар олиш учун Телеграм каналга қўшилинг.